
Кўҳна ва боқий Самарқанд шаҳрида камондан отиш бўйича аёллар ўртасида ўтказилган
"Тўмарис кубоги" иккинчи халқаро турнири якунланди ва унда Ўзбекистон терма жамоаси II Халқаро "Тўмарис кубоги" соҳиби бўлди.
Мусобақа ғолибларини тақдирлаш учун, Ўзбекистон камондан отиш федерацияси раиси-Миллий гвардия қўмондони Р.Джураев, Осиё камондан отиш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Чапол Кази Ражиб Уддин Ахмед ва Бангладеш халқ республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жаҳонгир Алам ҳамда иштирокчи давлатлар вакиллари қатнашишди.
Ушбу Халқаро мусобақада юртимиз вакиллари билан бирга Бангладеш, Ҳиндистон, Озарбайжон,Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан келган 55 нафар мерганлар ғолиблик учун баҳслашди.
Тўрт кун давом этган баҳсларда спортчилар камондан отишнинг олимпик раунди ва жамоавий беллашувлар бўйича иштирок этишди.
Муросасиз кечган баҳслар якунига кўра, олимпик раунди йўналишида қозоғистонлик спортчиларнинг қўли баланд келди. Мазкур йўналишда Луиза Сайдиева мутлақ ғолиб бўлди. Мадина Заемова ҳамда Алуа Мухтарханова кейинги ўринларни банд этди.
Мерганлар ўртасидаги жамоавий мусобақада эса терма жамоамиз яққол устунлик билан бош совринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни "Қозоғистон-2" ва учинчи ўринни "Қозоғистон-1" жамоаси эгаллади.
Мусобақа якунида Ўзбекистон Камондан отиш федерацияси раиси сўзга чиқиб, барча иштирокчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди ва шу билан бир қаторда, сўнги йилларда Камондан отиш спорт тури ёшларимиз ўртасида оммалашиб бораётганлиги ва бу ўз навбатида,Этноспорт асоси бўлган Камондан отиш спорт турини ривожланиши учун турли миллат ёшларини Халқаро мусобақалар орқали бир мақсад сари бирлашаётганликларига гувоҳ бўлаётганлигимизни таъкидлади ва меҳмонлар ҳам бу фикрни қўллаб қувватлашди. Шундан сўнг ғолиблар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирландилар.
Спортчиларимиз эндиликда жорий йилнинг декабрь ойида Дубайда ўтказиладиган Осиё кубоги учун чемпионлик курашига тайёргарлик кўришади.