
Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида дўстона муносабатларини ўрнатиш ҳамда ёзги таътил вақтларини мароқли ўтқазиш мақсадида, Фарғона вилояти Қўриқлаш бошқармаси томонидан 2006-2010 йилларда туғилган спортчи ёшлар ўртасида спортнинг камондан отиш тури бўйича бошқарма бошлиғи кубоги учун мусобақа ўтказилди.

Мусобақа давомида иштирокчилар “старт”, “олимпик раунд”, “жамовий” ҳамда “микс” йўналишларида беллашиб, 30 метр узоқликдаги нишонларни забт этган ҳолда ўз ҳисобларига балларни жамлаб боришди.


Камондан отиш спорт тури билан профессионал тарзда шуғулланувчи ўсмир ўғил болалар ва қизлар ўз мерганликларини синовдан ўтказишди. Бундан ташқари пара камондан отиш бўйича параолимпик спортчи ёшлар беллашуви барчада ўзгача таассурот қолдирди. Қизғин ва муросасиз кечган мерганларнинг баҳсларини барча иштирокчи ёшлар катта қизиқиш билан кузатиб бордилар.


Мусобақа давомида мазкур спорт турига қизиқиши бор ёшлар учун ҳам камондан отиш бўйича машғулотлар олиб борилиб, уларнинг ушбу спорт турига бўлган қизиқиши ва иштиёқини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Қизғин муросасиз кечган мусобақада ғолиб бўлган иштирокчилар Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармасининг диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.